20.10.2023
Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Аввало барчангизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан ҳамда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кунга 34 йил тўлгани билан чин дилдан табриклайман.
Мазкур сана 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан умумхалқ байрами сифатида янада кенгроқ нишонланмоқда.
Халқимизнинг донишмандлиги, асрий орзулари, армонлари, қувончлари ўзбек тили тарихида ўз ифодасини топган, десам асло хато бўлмаса керак. Миллатнинг азиз мулки сифатида эъзозланадиган ва юксак тафаккур маҳсули бўлган она тили миллий қадриятларимизнинг энг бебаҳоси, энг нодиридир.
Дунёга довруғ солган буюк алломаларимиз, тарихчи, олимлар, шоиру ёзувчилар айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келган. Қандай халқ, қандай миллат эканлигимизни исботлаган.
Буюк маданиятимизнинг бебаҳо намуналари, йирик илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар айнан шу тилда яратилган. Уларга мурожаат этар эканмиз, нафақат маънавий озуқа оламиз, балки ўзбек тилининг софлигини таъминлаш, асраб-авайлаш учун масъуллик сезамиз.
Чунки, бизнинг бу дунёда борлигимизни, куч-қудратимизни намоён этувчи хазина – она тилимиз ҳисобланади.
Сўнгги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш йўлида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти бош ассамблеясининг сессияларида ҳам ўзбек тилида нутқ сўзлаётганлари ҳар бир ватандошимизга ғурур бағишламоқда, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи янада ортиб, бу заминдаги маданият, маънавиятга дунё халқларининг эътибори юксак эканлигини кўрсатмоқда.
Қадрли тумандошлар!
Ҳар бирингиздан она тилимиз ривожига ҳисса қўшишни, суҳбатлашганда соф ўзбек тилида, имкон қадар ўзга тиллардаги сўзларни аралаштирмасдан сўзлашни сўраган бўлар эдим. Аслида бу ҳам маданиятимиз, маънавиятимизнинг бир бўлаги.
Яна бир бор барчангизни Ўзбек тили байрами билан табриклайман. Ҳар бирингизга сиҳат-саломатлик, қут-барака тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!